Элдошларим, дилдошларим
Олам яшолмагай кўклам, яшилликсиз,
Одам зоти ҳеч нарсадир аҳилликсиз.
Яшасайди разиллликсиз, бахилликсиз –
Бир кам дунё бут бўларди тақчилликсиз.
Бу дунёда шундай юрт бор – Меҳрдиёр,
Одамлари яшолмайди яхшиликсиз.
Меҳрдиёр дедим, асли меҳри дарё,
Бир-бирига меҳру сеҳри дарё-дарё.
Шаҳарларим, қишлоқларим, дашту саҳро,
Оғамдирсиз, инимдирсиз, опам, синглим –
Номингизни тутиб бўлмас айро-айро.
Матонатни жонга жойлаб келган халқмиз,
Оғир кунни сабр билан енгган халқмиз.
Бир майизни қирққа бўлиб еган халқмиз,
Тарих гувоҳ, жамлаб илму маърифатни,
Пешонаси юлдузларга теккан халқмиз.
Таскин учун қамишдан ҳам куй чиқарган,
Хуш хабарнинг пешвозига қўй чиқарган.
Пок ниятдан қанча фикру ўй чиқарган:
Ўйлаб-ўйлаб, ҳажга йиққан пулига ҳам
Қақраб ётган қишлоғига сув чиқарган.
Элдошларим, дилдошларим, тилдошларим,
Ҳажга бормай ҳожи бўлган элдошларим,
Дилдошларим, тилдошларим, йўлдошларим,
Бу синовли кунлар ҳам тез ўтар-кетар,
Бу синовли йилда азиз йилдошларим.
Арбобдирсиз, вазирдирсиз савоб ишга,
Табибдирсиз, ҳабибдирсиз савоб ишга.
Ўз дардингиз, ташвишингиз ютиб ичга,
Кеча демай, кундуз демай эл-улус-чун
Сиз ҳозиру нозирдирсиз савоб ишга.
Эзгуликдан инсон умри фируз бўлгай,
Токи одам бир-бирига дилсўз бўлгай,
Оқ дастурхон тўшар ҳаёт – ризқ-рўз бўлгай,
Мир Алишер бобомиз лутф этган мисол –
Ҳар кунимиз Наврўз бўлгай, Наврўз бўлгай!
Олам аҳли билан букун дарддошдирмиз,
Дарддошдирмиз, демак бирмиз, қардошдирмиз,
Қардошдирмиз, демакким биз қалбдошдирмиз.
Қалбдошликдир бирдамликнинг бошланиши,
Бирдам бўлсак, бизлар буюк бардошдирмиз.
Меҳрда ҳам шавкатлисан, она юртим,
Битмас меҳру шафқатлисан, она юртим,
Эзгу шиор-даъватлисан, она юртим,
Меҳринг билан бағринг очиб, олам аро
Давлатлисан, давлатлисан, она юртим.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири
Уланиш учун босинг: https://t.me/ijod_bustoni