📝 Устозларга яна ҳавас қилдим
📎 Ҳавас – мен сизга айтсам жуда муҳим ҳис ва омил. Қачонлардир дадам билан телеэкран қаршисида футбол учрашувларини кўрар эканман, шарҳловчининг ҳар бир гапини диққат билан тинглар ва дадамнинг у билан ногоҳ баҳслашишига, уни олқишлашига ва гоҳида танқид қилишига гувоҳ бўлардим. Ёшим ортгани сари яшил майдонда бўлаётган воқеаларни шарҳлаётган инсоннинг фикрларига нисбатан ўзимда ҳам мустақил муносабат шакллана бошлади. Давлат Турдиалиев(Аллоҳ раҳматига олсин), Хайрулла Ҳамидов ва Даврон Файзиевнинг шарҳларидан бир олам таассурот олардим. Шарҳ давомида янграган фикрларнинг баъзиларига қўшилмасам, ўзимча таҳлил қилиб, қарашларимни оила аъзоларимга айтиб юрардим. Лекин, ҳеч қачон ҳеч бир шарҳловчининг ишини буткул қоралаган эмасман. Ўзи умуман – “ўрганилмайдиган инсоннинг ўзи йўқ” – деган тушунчани ўзим учуш шиор қилиб олганим боис шу вақтгача ҳаётдаги аксар инсонлардан бир мисқол бўлсада ниманидир ўрганишга ҳаракат қиламан. Юқорида номи тилга олинган инсонларга эса менда фақатгина бир ҳис бор эди – ҳавас. Вақти келиб ҳаётимнинг бурилиш нуқтаси бўлган бир лойиҳада* Даврон Файзиев мендан - “агар сизга ҳозир бирор шарҳни топширсак шарҳлай оласизми”, деб сўраганида мен – “Йўқ. Бунинг учун маълум кўникма, билим, бироз тажриба ва бир мунча муддат керак бўлади. Аввал, спорт журналисти, мухбир бўлиб бошламоқчиман”, - деб жавоб берганман. Бу жавобим кўпчиликни ажаблантирганини кейин билгандим. Чунки, ўша лойиҳанинг бошқа, деярли барча иштирокчилари бундай саволга - “Ҳа, албатта”, - деб жавоб беришган экан. Албатта, инсоннинг ўзига бўлган ишончи муҳим. Ишончсиз ҳеч бир маррага етиб бўлмайди. Бироқ, айни вақтда воқеейликка тўғри баҳо ҳам бериш керак, деган фикр менда ўсмирлик давримдан бери мавжуд эди. Болалик давридаги ҳавас эса мени мақсадларим томон етаклади ва етакламоқда.
📎 Устозларга яна ҳавас қилдим. Энди янгилик, ўз фикр ва қарашларим билан бўлишиш мақсадида телеграмда канал очишга қарор қилдим. Маъқул келса бирга бўласиз азизлар!
---------------
* Бу лойиҳа ҳақида алоҳида ёзаман, насиб қилса.