28 июнь оқшоми (ҳозирча) Евро-2020’даги
энг оловли оқшомга айланди.
Испания – Хорватия ўйини чоғи устоз шарҳловчилар ишини кабинка олдида туриб кузатиб бордим.
Хона эшиги очиқ бўлгани боис уларнинг эмоциялари, юз ифодалари, бир-бирига имо-ишораларини кўра олардим.
Испанлар ҳисобни 3:1 кўринишига олиб келганда жуда кўпчилик қатори мен ҳам –
бўлди, хорватлар “пишди”, деб ўйладим. Асли Модрич ва жамаодошлари жангчи эканини билсамда, буёғига жанг бўлишига ўзимни ишонтиролмадим. Аммо шарҳда экан,
Даврон акам бунга ишонишини айтди. Кўрдик-ки, хорватлар қайтишди. Қайтганда ҳам важоҳат билан қайтиб, ҳисобни тенглаштиришди.
Оршич ва Пашалич майдонга ўт қўйиб юборди. Сўнг экстра таймларда испанлар бу оловни ўчирган бўлсада, ўйин тарихий кўриниш олиб улгурганди.
Мэтр ва Маэстро футбол шарҳловчиси ҳис қилиши мумкин бўлган энг юқори даражадаги эмоциялар қуршовида қолишди.
Қараб туриб жуда ҳавас қилдим. Жуда! Уларни иш жараёнида суратга олиб, уни
твиттерда қуйидаги сўзлар билан эълон қилдим:
“Бу икки киши шарҳлайдию, бошқача ўйин кутганмидила!” Шарҳнинг охирида, энг сўнггида Хайрулла ака –
“кейинги ўйин бундан ҳам зўр бўлиши мумкин, нега энди йўқ”, деб айтди эфирда. Улар кабинкадан чиқар, биз Ҳасан акам билан кирар эканмиз, мен –
“ҳа, Хайрулла ака, яхши нийят қилиб қўйдиз-да...” – дедим ним табассум билан. Бу гапларнинг ижобат бўлиб кетишини жуда истагандим, гарчи юзадан бунга ишонқирамасамда.
Бизнинг ўйин бошланди.
Франция биринчи гол ўтказиб юборгандаёқ Бухарестдаги стадиондан порох иси кела бошлаганди. “Учранглилар” таркибида ҳужумга масъуллар даҳшат, ҳимоядагилар эса афсус бундай эсамди. Кўрдикки, Варан бошчи барча ҳимоячилар хато қилишди. Юқоридаги курашларнинг аксарини ютказишди. Ҳужумда ҳамма яхши ўйнади. Ҳатто танқидлар нишонидаги Мбаппе ҳам ёмон эмасди.
Бензема эса жамоани олдинга олиб чиқди. Мухлислар қарийб чорак аср ўтиб Беркампнинг голини қайта эслашди. Погбадан БУМ! Икки орада Родригесдан урилмаган пенальти... эҳ-ҳе, нималар бўлмади ўзи бу ўйинда. Фақат Швецария ортда қоларди. Фақат уларнинг хорватлар сингари жангчи эмаслиги ўйлантирарди мени. Аммо, мен унутгандим.. улар орасида асли келиб чиқиши босниялик албанлар ва хорватлар борлигини унутгандим... Сеферовичдан дубл. Гол ҳам дубликат эди – юқоридан узатма ва бош билан гол! Кейин хорват аслли Гавранович ўртага чиқди.
Джакадан заргарона узатмадан сўнг бир сонияга Гаринчага айланиб қолган Гавранович қаршисидаги рақибни ёш бола қилиб алдади ва дарвозани ишғол қилди. Ух! Ва мен ўша сўзларни айтдим:
Даврон Файзиевга ва Хайрулла Ҳамидовга оташин саломлар!
Ҳақиқатдан майдон оташ бўлиб ёнар, ҳаммаси экстра таймларга қараб кетарди. Икки жамоа футболчилари чаршашгани кўринар ва биз пенальтиларгача боришимиз ойдинлашиб борарди.
Ойдинлашиб борарди-ю, лекин ҳеч ким бу серияда антиқаҳрамон – Килиан Мбаппе бўлиши кутмаганди ҳам, истамасди ҳам. Аммо бу футбол. Ҳудди ҳаёт каби. Бизнинг истакларимиз иккиламчи, охир-оқибат...
Бу воқеага энг зўр тарифни
Хайрулла акам берди.
“Зотан Мбаппе Марадона, Платини, Элькяер, Баджо, ван Бастен, Бергкамп, Раул, Роббен, Шевченко, Месси ва Роналду каби афсоналар сафидан жой олди”.
Ана шунақа!
Ва ўйин давомида айтганимдек – бу ҳали бор-йўғи нимчорак финалдаги воқеалар.
Сўнг сўз ўрнида: Мен учун инсонлардаги энг қадрли сифат бу самимият. Ўйлайманки, атрофидагилар билан самимий бўлган киши алал-оқибат зафар қучади. Умуман, самимият ва ҳавасда гап кўп.
Мен устозларга доим ҳавас қилганман! Ҳар иккисига айро-айро ҳавасдаман.
P.S: Ҳасан акам билан ишлаш ўта мароқли. Бир ритмда ҳис қиламан ўзимни. Балки у ҳам ўз фикрларини ёзар бу оқшом ҳақида.
@tolipovuz