ТИКОН
(жуда ибратли)
Қадим замонда бир йигит яшаган экан. Бир куни у эшиги тагига уруғ экибди. Орадан бир неча кун ўтиб уруғ униб чиқибди. Йигит унга вақти вақти билан сув қуйиб турибди. Лекин бир қанча вақт ўтгандан сўнг қараса, эккан нарсаси тикон экан.
Буни кўрган маҳалладошлари йигитга тиконни юлиб ташлашни тавсия қилибди. Лекин йигит уларнинг гапига эътибор бермабди. Тикон эса кундан кун ўсиб шоҳлай бошлабди. Ўтган-кетганларнинг кийимларига тирмашиб, қўлларига кирибазият етказибди. Йигит эса бунарсаларга парво этмай юраверибди. Энди тиконга сув қуймаса ҳам, у ердан қувват олиб ўсаверибди. Бора-бора одамлар унинг эшиги тагига келмайдиган бўлиб қолибди. Бу орада йигит фарзандли бўлибди. Болалар ҳам тиконни кўриб, унга кўникиб ўса бошлабди. Бу нарса ўша юртнинг ҳукмдорининг қулоғиги етиб, йигитни ҳузурига чақиртирибди ва тиконни олиб ташлашни буюрибди. Йигит подшоҳга тиконни илдизи билан қўпориб ташлашга ваъда бериб келибди, лекин дангасалиги туфайли бу ишни пайсалга солиб юрибди.
Орадан яна йиллар ўтибди. Энди йигитнинг ёши улғайиб, набирали бўлибди. Бир куни энди юришни бошлаган набираси юриб бориб, ўша тиконга йиқилибди, ҳамма жойини тилиб қонатибди.
Буни кўрган ўғли отасига жаҳл билан тиконни қўпориб ташлашни таклиф қилибди. Ота-бола ишга тушишибди. Лекин тиконнинг илдизлари ерга маҳкам ўрнашиб олган экан. Ота тез орада ҳолдан тойибди, лекин тиконнинг ярмини ҳам қўпора олишмабди. Улар бир неча кун уриниб, охири тиконни олиб ташлашибди. Ота-бола хотиржам бўлибди. Аммо орадан бир неча кун ўтгач, ёмғир ёғиб ўтибди. Тикон қўпорилган жойдан яна майда тиконлар ниш уриб чиқа бошлабди. Ота уларни дарров юлиб ташлабди. Лекин бу ҳол қайта-қайта такрорланаверибди. Чол умрининг охиригача тиконларни юлиш билан овора бўлибди.
Отаси дунёдан ўтганда эса бу иш ўғлига қолибди. Ўғил сал эътиборсиз бўлса, тиконлар бирпасда шоҳ отиб, улғая бошларкан. У энди бу ишга улғайиб қолган фарзандларини ҳам жалб қилибди. Маҳалла аҳли эса уларга "ота-бола тикончилар" деб лақаб қўйибди. Тикон
бўлмаса ҳам, эски одатлари бўйича уларнинг эшиклари олдидан ўтишмас экан.
Эй фарзанд, бу ривоятдаги тикон аслида ёмон одатдир.
Агар сен ёшлигингда бирор ёмон одатга ўргансанг, куч-қувватинг борида ундан қутулишга ҳаракат қил, акс ҳолда бу ёмонлик фарзандларинг ва набираларингга меърос бўлиб қолади.
@foydali_kun