Меҳнат муносабатларига оид айрим масалаларда саволларга жавоблар
Агар ходим интизомий жазога тортилган бўлса, унга корхонада белгиланган байрам муносабати билан берилиши мумкин бўлган мукофотлар (премиялар), устамаларни оладими?
Баъзи корхоналарнинг жамоа шартномаларида иш берувчи томонидан интизомий жазо амал қилиб турган пайтда ходимга мукофот ва устама ҳамда қўшимча тўловларни берилмаслиги назарда тутилган. Шу тўғрими?
Аввало “иш ҳақи”, “мукофотлар”, “қўшимча тўловлар”, “устамалар” ва “меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар” нима эканлигини англаб олмоқ керак.
“Иш ҳақи” – бу ўз номи билан ишлаб топилган ҳақдир. Меҳнат муносабатларида унинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда МК – деб юритилади) 73-моддасига кўра меҳнат шартномасида белгилаб қўйилади. Амалиётда, иш ҳақлари тез-тез ўзгариб турганлиги сабабли, меҳнат шартномасида иш ҳақининг миқдори аниқ суммада эмас, балки “штатлар жадвалиги биноан”, “таъриф ставкаси бўйича”, “меҳнатга ҳақ тўлашнинг 5- (6-, 7- ва ҳ.к.) разряди бўйича” деб кўрсатиш варианти қўлланилиб келинмоқда.
“Иш ҳақи” МКнинг 154-моддасида қайд этилганидек, иш берувчининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўланиши шарт. Иш ҳақи албатта меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бўлади. Демак, ходимнинг интизомий жазога тортилган ёки тортилмаганлиги масалани моҳиятини ўзгартирмайди.
“Мукофотлар”: мукофотларни икки турга бўлиш мумкин. Биринчиси – иш натижасига боғлиқ мукофот. Уни амалиётда кўпчилик “премия” деб юритадилар. Иккинчиси – иш натижасига боғлиқ бўлмаган мукофот. Бу турдаги мукофотларга байрам, ходимнинг юбилей ёшига кириши муносабати билан ёки шунга ўхшаш сабабларга кўра бериладиган мукофотларни мисол қилиш мумкин.
Биринчи турдаги мукофотлар одатда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилса, иккинчи турдагилари бу тизимда назарда тутилмайди ва иш берувчининг молиявий аҳволидан келиб чиққан холда берилиши ёки берилмаслиги мумкин.
“Қўшимча тўловлар” – бу бажарилган у ёки бу қўшимча иш, вазифа ёки топшириқ учун тўланадиган тўлов бўлиб, ҳудди “иш ҳақи” сингари МКнинг 154-моддасига биноан, иш берувчининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган қўшимча иши учун келишилган шартларига (у одатда ходимга шу қўшимча вазифани юклаш ҳақидаги буйруқда акс эттирилади) мувофиқ тўланиши шарт. Демак, бу турдаги тўлов ҳам “рағбатлантириш” турига кирмайди.
“Устама” – бу одатда ходимнинг юқори малакаси, тоифаси, ишдаги ютуқлари, сифати ва шунга ўхшаш кўрсаткичларга боғлиқ ҳолда бериладиган қўшимча ҳақ бўлиб, у иш ҳақи фондидан тўланади ва ўз навбатида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига киради.
Юқоридагилардан ҳулоса қилиш мумкинки, агар ходимга нисбатан қўланилган интизомий жазо амалда бўлиб турган бўлса, унга, иш ҳақи тизимида назарда тутилмаган ва иш берувчининг молиявий аҳволидан келиб чиққан ҳолда берилиши ёки берилмаслиги мумкин бўлган, байрам муносабати билан бериладиган рағбатлантириш қўлланилмайди. Иш ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар яъни, устамалар, қўшимча тўловлар, иш натижасига боғлиқ бўлган мукофотлар (премиялар) ва иш ҳақи интизомий жазо бор ёки йўқлигидан қатъий назар тўланиши керак.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/kasaba_mehnat_muhofazasi