“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти фаоллари ташаббусини қўллаб-қувватлаб, “Оловда ёнмаган мактублар” онлайн-лойиҳасига старт бермоқда.Йиллар ўтиши билан Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари сафи тобора камайиб бормоқда. Шу сабабли ўша давр воқеаларнинг “гувоҳлари” — фронтдан келган, бироқ вақт ўтиши билан сарғайиб кетган учбурчак хатлар тобора катта аҳамият касб этмоқда. Баъзан фақат шу битикларгина яқинларининг ҳаёт эканига умид, урушга сафарбар қилинганлар ва уларни кутаётган қалблар ўртасидаги нозик ришта нишонаси эди. Улар госпиталда, навбатдаги ўққа тутилишдан кейин кеч оқшомда ёки жанглар орасида битилган.
Ушбу лойиҳа орқали оилавий фотоальбомлар орасида Иккинчи жаҳон уруши даврида олинган яқинларининг фотосуратлари, фронтдан келган хатларни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга #Ғалабанинг75йиллиги #ОловдаЁнмаганМактублар ҳэштеглари остида жойлаштириш сўралади.
Учбурчак хат нусхасини, хат муаллифи тўғрисидаги маълумотларни (исм-шарифи, туғилган жойи ва санаси, мактуб битилган сана), тарихий фотосуратни (агар бўлса) JahonUrushi75yil@gmail.com электрон манзилига юборишларини ҳам сўраймиз. Мактублар жорий йилнинг
9 майига қадар қабул қилинади.
Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида жорий этилган карантин ва изоляция даврида кўпчилик уйда қолмоқда. Эндиликда уларда оилавий фотосуратлар ва архивларни ўрганиш учун қулай имконият пайдо бўлди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати барча фуқароларни ва хориждаги ватандошларни ушбу онлайн-лойиҳада фаол иштирок этишга, ОАВ вакиллари ва блогерларни эса уни кенгроқ тарғиб қилишда қўмаклашишга чорлайди.@uzbyuksalish